Ўзбекистонда ҳукумат қарори билан янги йилдан машина «фара»лари кундузи ҳам ёқиб юрилади
Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 июндаги «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ 2021 йил 1 январдан кундузи автотранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт.
Вазирлар Маҳкамасининг «Йўл ҳаракати қоидалари»га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қарори 2019 йилнинг 9 апрелида қабул қилинган эди. Мазкур қарор билан амалдаги «йўл ҳаракати қоидалари»нинг «Ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш» деб номланган бобининг 138-бандига ўзгартиш киритилиб, куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги белгилаб қўйилган эди.
Шунингдек, кейинчалик кундузги сигнал чироқларни ёқиб юриш ҳақидаги қоида 2021 йилнинг 1 январига қадар қолдирилган эди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 июндаги «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида ҳам белгилаб қўйилди.
Мазкур қарорга асосан, 2021 йил 1 январдан куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт. Ушбу муддатдан бошлаб шундай тартиб жорий этиладики, унга кўра:
- мамлакатда ишлаб чиқариладиган барча автомототранспорт воситалари ички бозорга ишлаб чиқарувчи томонидан автоматик ёниб турувчи кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозланган ҳолда чиқарилади;
- республикага чет элдан импорт қилинадиган автомототранспорт воситаларида кундузги сигнал чироқларининг мавжудлиги сертификасиядан ўтказиш учун мажбурий техник талаб сифатида белгиланади.
Ушбу масала юзасидан Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати муносабат билдирди. Унга кўра, ЙҲХББ масала бўйича халқ манфаатларига хизмат қиладиган таклифлар тайёрлаган.
Ушбу масала юзасидан ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармасининг ўз фикр-мулоҳазалари мавжуд бўлиб, тегишли таклифлар тайёрланган ва ушбу йўналишда чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Ўйлаймизки, белгиланаётган чора-тадбирлар халқ манфаатларига хизмат қилади, дейилади муносабатда
Мавзуга доир: Тошкент вилоятида 9 ой мобайнида 480 дан ортиқ ЙТҲ бўлган автомобиль йўлига чироқлар ўрнатилади
Aввалроқ Ўзбекистонда «тонировка» учун рухсатномани онлайн шаклда олиш имконияти яратилиши ҳақда хабар қилинган эди.