Тошкент вилоятида 9 ой мобайнида 480 дан ортиқ ЙТҲ бўлган автомобиль йўлига чироқлар ўрнатилади
Тошкент вилоятида 9 ой мобайнида 480 дан ортиқ йўл транспорт ҳодисаси содир бўлган автомобиль йўлига сунъий ёритувчи чироқлар ўрнатилади. Бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати «Tez News»га хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент вилоятида 2020 йил бошидан буён содир бўлган йўл транспорт ҳодисаларининг 209 таси сутканинг қоронғи вақтида, 141 таси эса кеч соат 19:00 дан тунги 24:00 гача бўлган айни транспортлар тиғиз вақтда, 68 таси тунги соат 00:00 дан эрталабки соат 06:00 гача кузатилган. Тунда содир бўлган йўл транспорт ҳодисаларининг 67 таси ёки 32,3 фоизи суний ёритилмаган йўлларда қайд этилган.
«Асосий эътибор М-39 Тошкент—Термиз ҳалқаро автомобилига қаратилди. Ҳозирги кунгача ТҲАЙ унитар корхонасининг 397-йўл таъмирлаш бўлими ходимлари билан ҳамкорликда М-39 Тошкент—Термиз ҳалқаро автомобиль йўлининг ‘Янгийўл’, ‘Ислоҳот’, ‘Мирзо Улуғбек’ маҳалла фуқаролари йиғинлари ҳудудидан ўтган 838, 842 ва 845-километрларига сунъий ёритиш чироқларини ўрнатдик. Бу чироқлар биринчи навбатда пиёдалар хавфсизлигини таъминлайди», — дейди Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ йўл назорати бўлими бошлиғи, подполковник Эркин Раҳмонбердиев.
Шунингдек, автомобиль йўлларини ёритиш ишлари босқичма-босқич, йўл-транспорт ҳодисалари таҳлили асосида амалга оширилади. Йўлларнинг ёритилиши эса ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш ишлари самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Аввалроқ Фарғонада 7 ой давомида 25 та ЙТҲ содир бўлган йўлга шовқин чиқарувчи термопласт йўл чизиқлари чизилгани ҳақида хабар берилган эди.