Озарбайжонда 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларни тақиқлаш таклиф қилинди

Платформа провайдерлари зиммасига фойдаланувчиларнинг ёшини текшириш учун техник ечимларни жорий этиш мажбурияти юкланади

Озарбайжон ҳукумати 16 ёшдан кичик болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини тақиқлашни режалаштирмоқда, деб хабар беради «Minval».

Депутатлар бир нечта қонун лойиҳаларини муҳокама қилишди. Таклиф этилаётган нормага кўра, болалар ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш учун ўз ёшларини тасдиқлашлари керак бўлади.

Тайёрланган қонун лойиҳасида ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари учун ёш чекловларини жорий этиш ва интернет-платформалар эгалари учун янги мажбуриятларни белгилаш кўзда тутилган. Ёш чегараси белгиланадиган ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтиш фақат 16 ёшга тўлган шахслар учун имконли бўлади, — дейилади хабарда.

Платформа провайдерлари зиммасига фойдаланувчиларнинг ёшини текшириш бўйича техник ечимларни жорий этиш ва янги талабларга риоя қилинишини таъминлаш мажбурияти юкланади.

Қонун лойиҳасида, шунингдек, белгиланган талабларни бажармаган платформаларга нисбатан босқичма-босқич санкциялар тизими ҳам кўзда тутилган. Санкциялар жарималар ҳамда давлат тузилмаларининг қоидаларни бузган майдончаларда реклама жойлаштиришини тақиқлашни ўз ичига олади.

Ўзбекистон