Ўзбекистонга COVISHIELD вакцинаси олиб келинди

17 март тунги соат 02:10 ларда 660 минг доза COVID-19’га қарши AstraZeneca вакцинаси олиб келинди.

Фото: ССВ

Хабарга кўра, вакциналарни етказиб бериш эпидемияларга тайёргарликни таъминлаш мақсадида инновациялар учун коалиция, Вакциналар ва иммунизация бўйича глобал альянс ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТ Болалар жамғармасидан иборат бўлган COVAX глобал ҳамкорлиги доирасида амалга оширилмоқда.

— Ўзбекистон GAVI ташкилотининг COVAX дастурига аъзо давлатлар қаторига киради, — дейди Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбарининг ўринбосари Ботир Қурбонов. — Шу боис, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 2021 йил январь ойида коронавирусга қарши эмлаш учун вакцина етказиб бериш юзасидан GAVI ташкилотига буюртма берилган эди.

Қайд этилишича, ҳамкорлик доирасида йилнинг охирига қадар мамлакатга умумий микдорда 20 фоиз аҳолини эмлаш учун етарли даражада вакцина, шприц ва хавфсиз утилизация қутилари етказиб берилиши кўзда тутилган. COVAX фонди ҳисобидан Ўзбекистонга 2 миллион дозадан ортиқ AstraZeneca вакцинасини етказиш, шундан 2021 йил I чоракда 35-40 фоизини, қолган қисмини II чоракдан дунё бўйлаб вакциналарнинг ишлаб чиқариш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, босқичма-босқич етказиб берилиши режалаштирилган.

Таъкидланишича, олиб келинган 660 минг доза вакциналар COVAX Ўзбекистон учун ажратган 2 миллион доза вакциналарнинг биринчи қисмидир. Вакциналарнинг қолган қисми яқин ойларда етказиб берилади. Ушбу вакциналар билан республикада аҳолини короновирусга қарши эмлаш ишлари бошланади ва босқичма-босқич давом эттирилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонга COVISHIELD вакцинаси олиб келинмоқда деб хабар берган эдик.

Янгиликлар