Aндижонда 16 нафар мактаб битирувчисига ўз касб-ҳунарини ривожлантириш учун 5 миллион сўмдан кредит берилди (фото)
Aндижон вилоятида 16 нафар мактаб битирувчисиига 5 миллион сўмдан кредит асосида сармоя берилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, умумтаълим мактабларини тамомлаган 40 298 нафар битирувчилар ўртасида ўтказилган хатлов натижасида бугунги кунда 28 295 нафар битирувчилар «уста-шогирд» анъанаси бўйича ҳунар ўрганаётганлиги аниқланган. Шу муносабат билан, 17 август куни вилоят ҳокимлигининг фаоллар залида умумтаълим мактабларининг битирувчилари бандлигини таъминлаш мақсадида ўз касб-ҳунарини ривожлантириш учун илк 16 нафар битирувчига 5 миллион сўмдан кредит асосида сармоя берилган.
Қайд этилишича, битирувчиларнинг 10 470 нафарига ҳунарни ривожлантириш учун ҳамда 5 530 нафарига тадбиркорлик билан шуғулланиш учун жами 42,3 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Маълумот учун, ушбу тадбир 2020 йил 21-22 май кунлари Шавкат Мирзиёевнинг Aндижон вилоятига ташрифида умумтаълим мактаблари битирувчиларининг бандлигини таъминлашда «Aндижон тажрибаси»ни яратиш масаласи кўриб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aндижонда йил бошидан бери 32 мингдан ортиқ ёшлар иш билан таъминлангани маълум қилинган эди. Шунингдек, Пастдарғомда мактаб битирувчилари «уста-шогирд» асосида иш билан таъминлангани ҳақида хабар берилганди.