Самарқандда коронавирус беморлари учун яна 400 ўринли шифохона ишга туширилади
Самарқандда вилоят эпидемияга қарши курашиш фавқулодда комиссиясининг 17 август куни навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳозирги кунда вилоят икки ярим мингта тест натижаларини аниқлаш имконига етганини маълум қилди. Маълум бўлишича, аввал бу кўрсаткич 2 баробар кам бўлган.
Шунингдек, Каттақўрғон шаҳрида БЦР лаборатория ташкил қилингани ва тез орада у ерда даволаш ва тақсимлаш маркази ишга тушиши маълум қилинди.
Ҳокимнинг айтишича, кислород аппаратлари ва бошқа тиббий буюмлар билан таъминланган 400 ўринли вилоят юқумли касалликлар шифохонасида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда ҳамда у ер коронавирус беморлари учун ҳозирланмоқда.
Аввалроқ Самарқанд ҳокими тиббиёт соҳасида катта ўзгариш бўлгани ва тиббиёт ходимлари катта тажрибага эга бўлганини таъкидлаган эди.