Уйчи тумани мутасаддилари карантинда зиёфатда ўтиргани акс этган видео юзасидан расмий маълумот берилди
Интернет тармоғида Наманган вилояти Уйчи тумани мутасаддилари иштирокидаги зиёфат видеоси тарқалди. Маълум бўлишича, тадбир кучайтирилган карантин тартиби амал қилаётган, йиғин-маросимлар ўтказиш тақиқланган вақтда юз берган.
Зиёфат 28 июнь куни тумандаги овқатланиш шохобчаларидан бирида уюштирилган. Аммо 26 июнь ҳолатига кўра, Уйчи тумани «қизил» ҳудуд бўлгани боис умумий овқатланиш муассасаларида зиёфат ўтказиш мумкин бўлмаган. Бу ҳақда Уйчи тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муҳаммадали Қамбаров «Дарё»га маълум қилди.
«Лавҳада ‘Уйчи тумани ҳокими’ дея қайта-қайта айтилган бўлса-да, тасвирда аслида туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Мухтор Бобожонов акс этган. Бундан ташқари, зиёфатда туман ИИБнинг ташкилий ишлар бўлими бошлиғи Ҳусанбой Тўхтабоев ҳамда Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази бошлиғи Нодирбек Исомиддинов ҳам қатнашган. Гарчи ушбу ҳолат дам олиш куни, ишдан ташқари пайтда бўлиб ўтган бўлса-да, касб одоби ва этикасига тўғри келмаслигини билдирамиз», — деди Муҳаммадали Қамбаров.
Мухтор Бобожонов масъул раҳбар бўла туриб, карантин қоидаларига амал қилмагани, хатога йўл қўйганлиги ва мазкур хатти-ҳаракатлари учун унга туман ҳокимининг 12 августдаги фармойиши билан «ҳайфсан» интизомий жазоси қўлланилган.
Ҳусанбой Тўхтабоевнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан эса туман ИИБ томонидан хизмат текшируви олиб борилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда карантин бошлангандан бери қанча мансабдор шахс ва фуқаролар карантин қоидаларини бузгани маълум бўлганди. Шунингдек, мансабдорларнинг хизмат машиналарига GPS ўрнатилиши мумкинлиги айтилган.