Бағдод туман тиббиёт бирлашмасининг ички дорихонасида қиймати 94 млн сўмдан зиёд дори захираси яратилган

Фарғона вилояти Бағдод тумани ҳокими Алибек Турсунов туман Тиббиёт бирлашмасининг ички дорихонасига ташриф буюрди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Бағдод туман ҳокимлиги ахборот хизмати

Маълум қилинишича, ҳоким бирлашманинг ички дорихонасидаги дори-дармон ва тиббий воситалар захирасини, уларнинг сақланиши ва тасарруф этилишини ўрганган.

Аниқланишича, дорихонада Covid-19 беморларини даволаш учун қиймати 94 миллион 339 минг сўмлик бўлган 79 турдаги дори-дармон мавжуд. Шунингдек, қиймати 52 миллион сўмлик бўлган 21 турдаги тиббиёт буюмлари захираси яратилган. Дорихона мудири Тўланбой Самадовнинг айтишича, уларнинг сақланиши, ҳудудий тиббиёт муассасаларига тарқатилиши доимий назоратга олинган.

Аввалроқ Бағдодда 2022 йилнинг январь ойидан бошлаб тиббий буюмлар ва техникалар ишлаб чиқарилиши, Зангиотада Ўрта Осиёда ягона бўлган фармацевтика кластери ташкил этилиши хабар қилинган эди.