Зангиотада Ўрта Осиёда ягона бўлган фармацевтика кластери ташкил этилади

Тошкент вилояти Зангиота туманида Ўрта Осиёда ягона бўлган замонавий фармацевтика кластери ташкил этилади. Бу ҳақида Фармацефтика тармоғини ривожлантириш агентлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Маълум бўлишича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил 28 январдаги «Tashkent Pharma Park инновацион илмий-ишлаб чиқариш фармацевтика кластерини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори тасдиқланди. Кластерга 50 гектар ҳудуд ажратилган. Умумий қиймати 284 миллион долларни ташкил этади. Шунингдек, 12 та ўқув-илмий ва маъмурий объектлар қурилиши ва 6 та инвестицион лойиҳалар амалга ошириш орқали 1700 дан ортиқ янги иш ўрни ҳамда Ўрта Осиёда ягона замонавий фармацевтика кластери ташкил этилмоқда.

Таъкидланишича, кластер илмий ва таълим салоҳиятини такомиллаштириш ва педагогик кадрларни тайёрлаш мақсадида Агентлик томонидан магистратура ва докторантура фармацевтика йўналишларида жами 8 нафар мутахассис 2020—2021 йилларда Сандерленд (Буюк Британия), ДеМонтфорт (Буюк Британия) каби хорижий университетларда таҳсил олади.

Кластер саноат зонаси

Саноат зонасида жами 72 миллион долларга тенг қуйидаги 6 та инвестицион лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилмоқда:

  1. Онкологик дори воситаларини ишлаб чиқариш — 10 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига 110 янги иш ўрни яратилади.

Инвестор: Union Korea Pharm (Корея)

  1. Вирусга қарши дори воситаларини ишлаб чиқариш — 5 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига 90 янги иш ўрни яратилади.

Инвестор: Yuhan Corporation (Корея)

  1. Табиий хом ашё асосида дори воситаларини ишлаб чиқариш — 10 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига 100 янги иш ўрни яратилади.

Инвестор: NCG Engineering (Корея)

  1. Кардиологик ва эндокринологик дори воситалари — 15,5 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига 160 янги иш ўрни яратилади.

Инвестор: Фармак (Украина)

  1. Антибиотиклар, ошқозон ичак ва юрак қон-томир касалликлари учун дори воситалари — 17 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига 150 янги иш ўрни яратилади.

Инвестор: World Medicine (Туркия)

  1. Травматологияда қўлланиладиган тиббий буюмлар ва ҳимоя воситалари — 14,5 миллион доллар тўғридан-тўғри инвестиция ҳисобига 190 янги иш ўрни яратилади.

Инвестор: Pro Spon ва EGO Zlin (Чехия)

Хабарга кўра, фармацевтика кластерининг кадастри 2020 йилнинг август ойида тасдиқланиб, биноларга ажратилган ер майдонларга аниқлик киритилган (қозиқ ўрнатилган). Бугунги кунда лойиҳа доирасида пудратчи ташкилот билан шартнома имзоланиб, бир вақтнинг ўзида лойиҳалаштириш, харид қилиш ва қурилиш ишлари билан тайёр холда топшириш шартлари белгиланган. Қурилиш қўшимча инфратузилмаси яратилган ва ҳозирда 7,5 миллиард сўм маблағлари ўзлаштирилган.

Бундан ташқари, кластер худудига зарур бўлган электр энергия, табий газ, алоқа, оқова сув, ичимлик суви, ташқи муҳандислик тармоқлари билан шартномалар ишлаб чиқилди ва келишилмоқда.

Аввалроқ Қамашида ҳар 27 дақиқада очиладиган доривор ўсимлик етиштириш йўлга қўйилгани, Ўзбекистонда Хитой халқ табобати маркази очилиши хабар қилинган эди.

Янгиликлар