Ўзбекистонда Хитой халқ табобати маркази очилади
Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ҳозирда Ўзбекистонда бўлиб турган хитойлик шифокор ва мутахассислардан иборат делегация билан учрашди. Бу ҳақда вазирликнинг жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар берди.
Хабарда айтилишича, учрашув доирасида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда «Beizhong Yilin Pharm Tech (Beijing) Co. Ltd.» фармацевтика компанияси ўртасида халқ табобатини ривожлантириш, бу борада илмий изланишлар олиб бориш ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича шартнома ҳам имзоланган. Унда Ўзбекистонда халқ табобатини ривожлантириш борасида қатор вазифалар белгиланди.
Унга кўра, ўзбек ва хитой халқ табобатини ўзаро уйғунлаштириб, соҳада самарали қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ҳам ташхис қўйишда, ҳам даволашда унумли фойдаланиш, шунингдек, Ўзбекистонда яқин ойларда Хитой халқ табобати марказини очиш, ўзбекистонлик мутахассисларни коронавирусга қарши курашда Хитой тажрибаси бўйича ўқитиш, малакасини ошириш каби йўналишлар мазкур шартномада ўз аксини топган.
Учрашув сўнгида хитойлик мутахассислар томонидан COVID-19’га қарши Хитойда муваффақиятли қўлланилган анъанавий хитой табобати усулида тайёрланган дори воситаларининг дастлабки қисми тақдим этилди.
Аввалроқ Ўзбекистонда Цзянси анъанавий Хитой табобати университетининг филиали очилиши, Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашиш учун Хитойдан шифокорлар келгани хабар қилинган эди.