Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига раҳбар тайинланди

Президентнинг 16 ноябрь кунги фармони билан Aлишер Мақсудов Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раиси этиб тайинланди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизмати

Мақсудов Aлишер Эркинович 1996 йилда Тошкент енгил саноат ва тўқимачилик институтини ва 2003 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини битирган. У 2017 йилдан бери «Ўзпахтасаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси лавозимида ишлаб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Шавкат Aбдураззоқов 25 сентябрь куни Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланганди.

Aввалроқ Илҳом Маҳкамов транспорт вазири лавозимига, Абдуҳаким Ҳожибоев соғлиқни сақлаш вазири лавозимига тайинлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон Бизнесни ривожлантириш уюшмаси ташкил этилиб, унга янги раҳбар тайинлангани хабар қилинган.

Янгиликлар