Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг спорт билан шуғулланиши назорат қилинади

Ўзбекистонда 16 ноябрь куни имзоланган меморандумга асосан давлат хизматчиларининг спорт билан шуғулланиши назорат қилинади. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ахборот хизмати

Таъкидланишича, 16 ноябрь куни Тошкент шаҳридаги «Миллий» стадиони анжуманлар залида Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ўртасида ўзаро англашув меморандумини имзоланди. Унга кўра, 2019 йил 3 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент фармонига мувофиқ Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги зиммасига бир қатор вазифалар юклатилган.

Фото: Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ахборот хизмати

Хабарга кўра, 2021 йилдан бошлаб давлат органлари раҳбарлари ва барча ходимлари иш вақтидан сўнг ҳафтада камида бир марта жисмоний тарбия билан шуғулланади. Давлат органлари жамоа шартномаларида ишлаб чиқариш гимнастикаси машқлари жорий қилинади.

Жумладан, 2021 йил 1 январдан бошлаб давлат органлари ва ташкилотларида соғлом турмуш тарзи ва оммавий спортни ривожлантириш мақсадида меҳнат жамоаларида фаолият юритаётган ходимга «Спорт тарғиботчиси» қўшимча вазифаси юклатилади. Унинг иш ҳақига 20 фоиз миқдорда устама белгилаш йўлга қўйилади.

Аввалроқ Ўзбекистонда бир сутка давомида ўн минг қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги фуқароларга пул тўланиши ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар