Ўзбекистонда бир сутка давомида ўн минг қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги фуқароларга пул тўланади
Шавкат Мирзиёевнинг «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди. Унга кўра бир сутка давомида ўн минг қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги фуқароларга пул тўланиши белгиланди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар қилди.
Мазкур фармон асосида 2021 йил 1 мартга қадар «Соғлом турмуш тарзи» платформаси ишлаб чиқилади. Бунда:
- Ўзбекистон ҳудудида бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон фуқаросининг платформадаги электрон ҳамёнига 3 минг сўмдан;
- ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўмдан, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга 1 миллион сўм қўшимча равишда платформадаги электрон ҳамёнига ўтказилади.
Шунингдек, оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, «Workout» (маҳалла ва кўча фитнеси) спортининг устувор турлари этиб белгиланди. Ушбу спорт турларини оммавийлаштириш ва ривожлантириш дастурларини амалга ошириш учун 2021 йилдан бошлаб дастурлар тўлиқ бажарилгунга қадар давлат бюджетидан ҳар йили 104 миллиард сўм ажратилади.
Қайд этилишича, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб қилишга қаратилган дастурларни молиялаштириш учун 2021 йилдан бошлаб дастурлар тўлиқ бажарилгунга қадар Давлат бюджетидан ҳар йили 10 миллиард сўм маблағ ажратилади.
Аввалроқ Азиз Абдуҳакимов барчани «Бутунжаҳон автомобилсиз куни»да пиёда юришга чорлагани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Фарғона вилоятининг Марғилон, Қувасой шаҳарларида ва Фурқат, Қўштепа туманларида «Соғлом ҳаёт учун 5000 минг қадам» шиори остида юриш марафони ўтказилгани ҳақда хабар берилганди.