Қўштепада «Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам» акцияси доирасида юриш марафони ташкил этилди
Фарғона вилояти Қўштепа туманида 17 октябрь, шанба куни юздан зиёд фуқаро иштирокида «Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам» шиори остида оммавий юриш марафони ўтказилди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги aхборот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, 17 октябрь куни Қўштепа туман ҳокимлиги ҳамда туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими ташаббуси билан «Қийқи» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида «Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам» шиори остида пиёда юриш марафони ўтказилган.
«Тонгда пиёда сайр қилишда гап кўп, лекин кўпчилигимиз бунга эътибор бермаймиз. Агар тонгда яёв юришни одат қилсангиз, тоза ҳавода танангиз яйраб, саломатлигингиз мустаҳкамланади. Қарилик аломатларидан бири мускуллардаги енгил оғриқнинг чекинишига кўмаклашади. Шу боис биз нуронийлар учун уюштирилган бу ташаббусни олқишлайман. Зеро, бизнинг соғлом ва тетик бўлишимиз жойлардаги ижтимоий муҳит барқарорлигида ҳам муҳим ўринга эга, деган фикрдаман», – дейди маҳалла ва оилани қўллаб қувватлаш бўлими бошлиғининг ўринбосари.
Тадбир сўнгида марафоннинг иштирокчиларига ҳомийлар томонидан тайёрланган эсдалик совғалари топширилган. Шунингдек, «Нурафшон» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи З.Тўлқинова ва «Ғиштмон» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи У.Исмоиловага ногиронлик аравачаси берилган.
Аввалроқ Қувасойда мингдан зиёд фуқаро иштирокида оммавий юриш марафони ўтказилгани ҳақида хабар берилганди.