Жаҳонгир Ортиқхўжаев ёшлар форумида ўз тақдимоти билан иштирок этади

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев 19 декабрь куни  «Tashkent city Congress Hall»нинг Шош залида «2021 йилда пойтахтда ёшлар хаёти» мавзусида тақдимот билан чиқиш қилади. Учрашув соат 15:00 да «Тошкент ёшлар форуми – 2020» доирасида бўлиб ўтади.

Шаҳар ҳокими кириб келаётган йилда пойтахтни ривожлантириш режалари, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий, маданият ва спорт соҳаларида ёшлар салоҳиятини ошириш борасидаги янги имкониятлар ҳақида гапиради. Пойтахтда ёшлар учун барпо этиладиган янги инфратузилмалар ҳақида ҳам маълумот беради.

Форум ёшлар орасида интеллектуал ва ижодий муҳитни яратишга, вазирлик ҳамда идоралар раҳбарлари ва янги авлод вакиллари ўртасида очиқ мулоқотни шакллантиришга, олдинда турган ўн йиллик мақсад ва режаларни биргаликда муҳокама этишга қаратилган.

Кенг қамровли тадбирда «Тошкент ёшларни севади!» шиори остида ўтган ёшлар ойлиги натижалари сарҳисоб қилинади. Форум доирасида турли хил мавзулардаги учрашувлар, кўнгилочар шоулар, фестиваллар, шунингдек, спорт мусобақалари ҳам ўтказилади.

Пойтахтда ўтаётган форум қатнашчилари Тошкент шаҳар ҳокими билан бўладиган учрашувда нафақат режадаги янги лойиҳалар билан танишишлари, балки ўз таклиф ва ташаббусларини ҳам билдиришлари мумкин.

Янгиликлар