Ўзбекистонга «Pfizer» ва «BioNTech» компаниялари ишлаб чиқарган вакцина келтирилади
Ўзбекистонга АҚШ ва Германия компанияси ишлаб чиқарган вакцина келтирилади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати 18 январь, душанба куни хабар берди.
Хабарга кўра, COVID-19 инфекцияси бўйича жаҳон тиббиётидаги эмлаш самарадорлиги бўйича клиник изланишлар ва Ўзбекистонда илм-фан соҳасида эришаётган ютуқлар ҳақида Ссоғлиқни сақлаш вазири ўринбосари — Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев маълумот берган.
«GAVI (Эмлаш ва иммунизация бўйича глобал алянс) ташкилоти томонидан Ўзбекистон COVAX (Коронавирус инфекциясига қарши эмлаш механизми)га аъзо давлатлар қаторига киритилганлиги маълум қилинган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва ҳамкор ташкилотлар томонидан COVID-19’га қарши вакцинани амалиётга киритиш учун мамлакатимиз аҳолисининг 20 фоизи миқдорида буюртма тайёрланиб, COVAX фондига юборилди», — дейди Б.Юсупалиев.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирда GAVI ташкилоти билан ҳамкорликда Американинг «Pfizer» ва Германиянинг «BioNTech» компанияси томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши «Comirnaty» вакцинасини Ўзбекистонга 100 минг доза миқдорида олиб келиниши бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Таъкидланишича, «Pfizer»/«BioNTech» вакцинасини юқори совуқлик занжирига жиддий риоя этган ҳолда -70 ℃ ҳароратда сақлаш талаб этилади. Ўзбекистонда -70 ℃ ҳароратни сақлайдиган музлатгичлар мавжуд ва хозирги кунда коронавирусга қарши эмлаш жараёнини пухта режалаштириш ва тиббиёт ходимларини махсус xавфсиз иммунизация шартлари бўйича тайёргарликдан ўтказиш, айниқса, вакцинатор, реаниматологлар ва бошқа тиббиёт ходимларини тайёрлаш ишлари бошлаб юборилган.
Эмлаш жараёнига тайёргарлик кўриш мақсадида GAVI ташкилоти томонидан 17 та катта хажмдаги рефрижераторлар ва 206 та юк ташувчи минивен автотранспорт воситалари тақдим этилиб, мамлакатнинг ҳар бир ҳудуди ва туманига етказиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон қанча доза вакцина олиш учун шартнома тузгани маълум бўлган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда Хитой вакцинаси билан эмланганлар сони маълум қилинган.