Ўзбекистонда Хитой вакцинаси билан эмланганлар сони маълум қилинди

Ўзбекистонда қанча фуқаро «ZF 2001» Хитой вакцинаси билан эмлангани маълум қилинди. Бу ҳақда Ўзбекистонда вакцина синовлари жараёнларидан хабардор этиб борувчи Telegram каналида маълумот берилди.

Фото: Telegram / @vaksinauzb

Қайд этилишича, республикада 13 январь ҳолатига кўра умумий ташриф буюрганлар 5929 нафарни ташкил этган. Коронавирусга қарши «ZF 2001» вакцинасининг III фаза синовларида иштирок этган фуқаролар сони эса жами 2129 кишига етган.

Хабарга кўра, уларнинг ҳаммаси ҳам вакцина билан эмланмаган. Айримларига плацебо, яъни вакцина билан бир хил кўринишга эга, ўзида номзод вакцина ёки дори воситасини сақламаган бирикма юборилган. «Ушбу синов икки томонлама номаълум бўлганлиги учун на шифокор ва на кўнгилли вакцина ёки плацебо олганини билмайди», дейилади хабарда.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда 8 январь ҳолатига кўра, коронавирусга қарши ZF 2001 вакцинасининг III фаза синовларида иштирок этган фуқаролар сони жами 1270 кишини ташкил этган.

Эслатиб ўтамиз, Инновацион ривожланиш вазирлиги 2020 йил 22 октябрда Ўзбекистонда Хитой компанияси томонидан ишлаб чиқилган коронавирусга қарши вакцинанинг клиник синовлари ўтказилиши мумкинлигини маълум қилганди.

Шундан сўнг коронавирусга қарши вакцина синовининг учинчи босқичини Ўзбекистонда ўтказишни ташкил этиш борасида 7 ноябрь куни ўтказилган учрашувда Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов Хитой вакцинаси Тошкентга олиб келинганини эълон қилган. Кейинчалик Ўзбекистонда Хитой вакцинасининг текширув жараёни бошлангани ҳақида хабар берилган.

Орадан вақт ўтиб, инновацион ривожланиш вазири вирусга қарши эмлангани ва дастлабки натижалар анититананинг ҳосил бўлишини кўрсатаётганлигини айтган. Шунингдек, респбуликада коронавирус вакцинасининг III фаза клиник синовлари ўтказилаётганлиги ҳақида хабар берилган.