«Дастлабки натижалар анититананинг ҳосил бўлаётганини кўрсатди» — Инновацион ривожланиш вазири вирусга қарши эмлангани ҳақида
Ўзбекистонда кўнгиллирадан иборат жамоада вирусга қарши эмланиш жараёнининг 3-босқичи давом этмоқда. Синов жараёнларида Инновацион ривожланиш вазирлик раҳбарияти ҳамда вазири ҳам иштирок этган. Бу ҳақда Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳимов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтган.
Вазирнинг маълум қилишича, кўнгиллиларни синовдан ўтказиш Тошкент шаҳридаги 3 та поликлиникада олиб борилмоқда. Шунингдек, давом этаётган 3-синовга хитойлик мутахассислар жалб қилинган.
«Тиббий кўрикдан ўтказиш жараёни бу энг кўп вақтни оладиган жараён ҳисобланади. Бу оммавий эмлаш жараёни эмас, илмий-тадқиқот жараёни. 3-синовларнинг бошида вазирлик раҳбарияти, шахсан ўзим ҳам ушбу вакцина билан бир ой олдин эмлаш жараёнларини амалга оширдик.
Бир ой ичида ҳеч қандай ножўя таъсирларни сезганимиз йўқ. Дастлабки натижалар анитителанинг ҳосил бўлаётганини кўрсатади ва бу вакцина генлар инжинерлиги йўли билан яратилган рекомбинат оқсилга асосланган», — дейди вазир Иброҳим Абдураҳимов.
Шунингдек, вазир Ҳиндистон вакцинаси ҳақида маълумот бериб ўтган.
«Ҳиндистон вакцинасини оладиган бўлсак, бу кучсизлантирилган вирус заррасининг ўзи вакцина сифатида фойдаланилади ва бу рекомбинат оқсил вакцинасида битта кичик оқсил бўлакчаси клонлаштирилиб, ўша бўлакчасини оқсил сифатида қайта ишлаб чиқарилган вариант ҳисобланади. Бунда умуман вирус структурасидаги компонентлар инсон организмига яқинлашмайди. Кўнгилли сифатида иштирок этаётган халқимизга катта раҳмат айтамиз. Бу жараённи самарали якунлаймиз деган умиддаман», — дейди вазир
Аввалроқ Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмлаш учун қанча кўнгилли танлаб олингани маълум бўлганди. Шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистон коронавируснинг иккинчи тўлқинига тайёрланаётганини маълум қилган.