Ўзбекистон қанча доза вакцина олиш учун шартнома тузгани маълум бўлди

Ўзбекистон қанча миқдорда доза вакцина олиш учун шартнома тузганлиги маълум бўлди. Бу ҳақда «Bloomberg» COVID-19’га қарши вакциналар бўйича эришилган шартномалар ҳақида берган маълумотларида кўрсатилган.

Фото: «BBC»

Қайд этилишича, дунё бўйича умумий 8,33 миллиард доза вакцина бўйича келишувлар мавжуд. Бу дунё аҳолисининг ярмини эмлаш учун етарли (вакциналарнинг айрим турлари икки марта эмлашни талаб қилади).

Энг кўп вакцина бўйича келишувларга Ҳиндистон эга — 2,2 миллиард доза («AstraZeneca/Oxford», «Novavax», «Gamaleya»). Бу борада аҳоли жон бошига вакцина бўйича энг катта қамров Канадада — 214 миллион доза, 303 фоиз қамров («Novavax/Sanofi», «Moderna», «AstraZeneca/Oxford» ва бошқа турлари). Хусусан, Ўзбекистон эса 70 миллион доза (110% қамров) вакцина бўйича келишувга эга (фақат Gamaleya билан).

Энг кўп буюртма берилган вакцина тури «AstraZeneca/Oxford» компаниясига тегишли бўлиб турибди — 2,9 миллиард доза. Шунингдек, «Novavax» компанияси вакциналар бўйича 1,2 миллиарддан ортиқ буюртма олган.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда Хитой вакцинаси билан эмланганлар сони маълум қилинганди. Унга кўра, республикада 13 январь ҳолатига кўра умумий ташриф буюрганлар 5929 нафарни ташкил этган. Коронавирусга қарши «ZF 2001» вакцинасининг III фаза синовларида иштирок этган фуқаролар сони эса жами 2129 кишига етган.

Аввалроқ ЖССТ нечта давлат COVID-19’га қарши эмлашни бошлагани ҳақида маълумот берганди.

Янгиликлар