Фарғонада она ва бола ўлимига сабабчи бўлган шифокорга суд ҳукми ўқилди

Фарғона вилояти Ёзёвон туманида туғруқ жараёнидаги эътиборсизлиги учун 33 ёшли ҳомиладор аёлнинг вафотига сабабчи бўлган шифокорга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда «ЎзA» хабар қилди.

Хабарга кўра, шифокор Р.Камолова муқаддам Ёзёвон туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ бўлимида навбатчи акушер-гинеколог вазифасида ишлаган. У касби юзасидан ўз вазифасига совуққонлик билан қараб, ишини қониқарли даражада бажармасдан, эътиборсизлик қилган. Туғруқ бўлимига 2020 йил 17 март соат 00:01 да иккинчи маротаба соғлиғидан шикоят қилиб келган ҳомиладор аёл Н.Ш.нинг аҳволини баҳолаш, тиббий ташхис қўйиш, уни туғруқхонага ётқизиб, ўз вақтида малакали оператив тиббий ёрдам кўрсатиш ўрнига, бепарво муносабатда бўлиши oқибатида бемор туғруқ жараёнида вафот этган ва унинг ҳомиласи ҳам она қорнида нобуд бўлган.

Суд жиноят иши юзасидан тўпланган далилларни ўрганиб, судланувчи, гувоҳлар ва иш бўйича мутахассислар фикрларини тинглаб, Р.Камоловани Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми билан айбдор деб топди ва унга икки йил озодликни чеклаш жазосини тайинлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентдаги ГЭСда саёҳат чамадони ичидан эркак жасади топилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар