Тошкентдаги ГЭСда саёҳат чамадони ичидан эркак жасади топилди

Тошкент вилояти Қибрай туманидаги «Қодирия ГЭСлар каскади» УКнинг 11-сонли ГЭСидан қора рангли целлофан билан ўралган саёҳат чамадони ичида самарқандлик эркакнинг жасади топилди. Бу ҳақда «Tez News» манбалари хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, ушбу шахс 1968 йил Самарқанд вилоятида туғилган, миллати ўзбек, маълумоти олий, илгари судланмаган, оилали, 3 нафар фарзанди бор, ҳозирча вақтинча ишсиз (илгари Олий суд таъминот бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган) Ш.О. эканлиги аниқланган.

Марҳум Тошкент шаҳар Яккасарой туманида яшаган. Унинг эгнида қора футболка, қора шим, қора рангли пайпоқ ва кулранг ички кийим, шимининг чўнтагида 410 000 сўм пул борлиги аниқланган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексиниг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Олиб борилган суриштирувлар натижасида марҳум Ш.О. уйидан ўз бошқарувида бўлган оқ рангли «Gentra» русумли автомашинасида чиқиб кетганлиги ва шундан сўнг қайтиб келмаганлиги маълум бўлди.

Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳудудида «Тўсиб ушлаш» режаси амалга киритилиб, Ш.О.га тегишли бўлган «Gentra» автомобилини қидириб топиш ва жиноятни фош этиш мақсадида суриштирув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Навоийдаги дарёдан 45 ёшли эркакнинг мурдаси топилган эди.

Кейинчалик ушбу фуқарони ўлдириб, жасадини дарёга оқизиб юборган шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.

Шунингдек, Асакада 9 яшар қизни ўлдиришда гумон қилиниб, 23 ёшли қўшни аёл қўлга олингани хабар қилинган эди.

Янгиликлар