Ўзбекистонда кундузи машина «фара»ларини ёқиб юриш талабига ўзгартириш киритилди

Вазирлар Маҳкамасининг 18 декабрь кунги «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Автострада»

Вазирлар Маҳкамасининг мазкур қарори асосида барча автомототранспорт воситалари учун яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиш талаби бекор қилинди.

Эндиликда мазкур талаб фақатгина қуйидаги 6 та ҳолат бўйича мажбурий этиб белгиланди:

  • транспорт воситалари ташкилий жамланма сафида ҳаракатланаётганда;
  • йўловчиларни ташиётган автобус ва йўналишли транспорт воситаларида;
  • болалар гуруҳини ташкилий ташишда;
  • хавфли, катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташишда;
  • механик транспорт воситаларини шатакка олишда;
  • мототцикл ва мопедларда.

«Ушбу талаблар йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга, шунингдек, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаёти ва соғлиғини асрашга хизмат қилади», дейилади хабарда.

Аввалроқ Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ҳукумат томонидан кўриб чиқилган ва қабул қилинган «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 460-сонли қарор бекор қилиниши мумкинлигини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда янги йилдан машина «фара»лари кундузи ҳам ёқиб юрилиши ва  Ўзбекистонда «тонировка» учун рухсатномани онлайн шаклда олиш имконияти яратилиши ҳақида хабар қилинган эди.

Янгиликлар