Тошкент вилояти ҳокимига ҳайфсан берилди

Тошкент вилояти ҳокими Рустам Холматовга юридик шахсларга ер участкаси ажратишда қонунни бузгани учун ҳайфсан берилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Бош вазир Абдулла Ариповнинг 17 декабрь куни чиқарилган фармойишида айтилишича, Тошкент вилояти ва Қибрай тумани ҳокимларининг юридик шахсларга ер участкаси ажратиш юзасидан қабул қилган қарорларида қонунчилик талабларининг бузилиш ҳолатлари аниқланган. Келгусида бундай ҳолатларга йўл қўйилмаслигини таъминлаш, шунингдек, бу борада ҳудудлар раҳбарларининг шахсий масъулиятини янада ошириш мақсадида ҳокимларга интизомий жазо берилган.

Хусусан, Тошкент вилоятининг ҳокими Рустам Холматов ва Қибрай тумани ҳокими Мираъзам Мирқосимовга ҳайфсан интизомий жазо чораси эълон қилинган. Улар келгусида бундай ҳолатлар такрорланган тақдирда эгаллаб турган лавозимида қолиши масаласи кўриб чиқилиши тўғрисида қатъий огоҳлантирилган.

Мазкур фармойишнинг бажарилишини назорат қилиш бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов зиммасига юкланган.

Эслатиб ўтамиз Уйчи тумани мутасаддилари билан карантинда зиёфатда ўтирган ИИБ ходимига ҳайфсан берилгани ҳамда бош вазир Aбдулла Aрипов видеоселекторда Раҳмат Маматов, Aзизбек Икромов ва Ботир Парпиевга ҳайфсан бергани ҳақида хабар қилинганди.

Аввалроқ Ўзбекистонда пахта мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўйган туман ҳокимларига ҳайфсан берилган.

Янгиликлар