Уйчи тумани мутасаддилари билан карантинда зиёфатда ўтирган ИИБ ходимига ҳайфсан берилди
Наманган вилоятида Уйчи тумани мутасаддилари билан карантинда зиёфатда ўтирган ИИБ ходимига ҳайфсан берилди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Уйчи тумани мутасаддилари карантинда зиёфатда ўтиргани акс этган видеотасвирда ИИБ ходими ҳам борлиги айтилган. Ушбу ҳолат бўйича Наманган вилоят ИИБ томонидан ўрганиш ишлари олиб борилган.
Қайд этилишича, видеотасвирдаги ходим Уйчи туман ИИБ ходими эканлиги тасдиқланган ва унга нисбатан вилоят ИИБ томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, ҳайфсан интизомий жазоси берилган.
Маълум бўлишича, тадбир кучайтирилган карантин тартиби амал қилаётган, йиғин-маросимлар ўтказиш тақиқланган вақтда юз берган.
Зиёфат 28 июнь куни тумандаги овқатланиш шохобчаларидан бирида уюштирилган. Аммо 26 июнь ҳолатига кўра, Уйчи тумани «қизил» ҳудуд бўлгани боис умумий овқатланиш муассасаларида зиёфат ўтказиш мумкин бўлмаган.
«Лавҳада ‘Уйчи тумани ҳокими’ дея қайта-қайта айтилган бўлса-да, тасвирда аслида туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Мухтор Бобожонов акс этган. Бундан ташқари, зиёфатда туман ИИБнинг ташкилий ишлар бўлими бошлиғи Ҳусанбой Тўхтабоев ҳамда Наманган шаҳар Давлат хизматлари маркази бошлиғи Нодирбек Исомиддинов ҳам қатнашган. Гарчи ушбу ҳолат дам олиш куни, ишдан ташқари пайтда бўлиб ўтган бўлса-да, касб одоби ва этикасига тўғри келмаслигини билдирамиз», — деди тумани ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Муҳаммадали Қамбаров.
Aввалроқ Уйчи тумани мутасаддилари карантинда зиёфатда ўтиргани акс этган видео юзасидан расмий маълумот берилган эди.
Мухтор Бобожонов масъул раҳбар бўла туриб, карантин қоидаларига амал қилмагани, хатога йўл қўйганлиги ва мазкур хатти-ҳаракатлари учун унга туман ҳокимининг 12 августдаги фармойиши билан ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилган.