АҚШда 70 йиллик анъана бузилди: Мелания Трамп Байденнинг рафиқасини Оқ уйга таклиф қилишдан бош тортди

АҚШнинг биринчи хоними Мелания Трамп АҚШнинг сайланган президенти Жозеф Байденнинг рафиқаси Жилл Байденни Оқ уйнинг меҳмондўстлик турига таклиф қилишдан бош тортди, деб хабар қилмоқда «CNN».

Фото: Getty Images

Шундай қилиб, у 70 йилдан ортиқ давом этган анъанани бузди. Анъанага кўра, инаугурациядан олдин лавозимини тарк этаётган президентнинг рафиқаси янги давлат раҳбарининг рафиқасини Оқ уйда қабул қилиши керак. Меҳмондорчилик давомида унга яшаш жойларини кўрсатади ва Оқ уйдаги ҳаёт ҳақида гапириб беради.

АҚШнинг 44-президенти рафиқаси Мишель Обама 2016 йилда Мелания Трампни қароргоҳга таклиф қилган. Аммо мамлакатнинг амалдаги президенти рафиқаси Жилл Байденга бундай таклифнома юбормаган. Маълумот учун, ушбу анъана 1950 йилларда президент Гарри Труманнинг рафиқаси Бесс Труман сайланган президент Дуайт Эйзенхауэрнинг рафиқасини Оқ уйга чақиргандан сўнг бошланган.

Байденнинг инаугурацияси 20 январга белгиланган. Хусусан, тадбирга вице-президент Майк Пенс таклиф қилинган. Шу билан бирга, Байден Трампнинг тадбирда, у илгари айтилганидек, қатнашмаслик ҳақидаги қарорини маъқуллаган.