Ўзбекистонда мактаб таътиллари жадвалида ўзгариш бўлмайди

Ўзбекистонда пандемия шароити туфайли мактаблар фаолиятини 14 сентябрдан бошлагани сабаб таътил вақтларида сурилиш юзага келиши бўйича Халқ таълими вазирлиги изоҳ берди.

Вазирликнинг хабарига кўра, амалдаги тартибда ўқув йили 2 сентябрдан 25 майга қадар давом этади. Ўқув йил 34 ҳафтадан иборат 4 та чоракка бўлинади, ҳар бир чорак оралиғида таътиллар белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилда тегишли қарори билан тасдиқланган низомга мувофиқ таътил кунлари қуйидагича белгиланган:

  • кузги таътил — 4 ноябрдан бошлаб 6 календарь кун;
  • қишки таътил — 28 декабрдан бошлаб 14 календарь кун;
  • баҳорги таътил — 21 мартдан бошлаб 7 календарь кун;
  • ёзги таътил — 26 майдан 1 сентябрга қадар давом этади.

Шунингдек, 1-синф ўқувчилари учун февраль ойи давомида қўшимча бир ҳафталик таътил белгиланади.

«Таътил кунларининг ўзгариши зарурияти юзага келганда Республика махсус комиссияси қарори билан амалга оширилади ва бу ҳақда кенг жамоатчилик хабардор қилинади»,  дейилади вазирликнинг хабарида.

Аввалроқ Қўштепадаги санитар талабларга жавоб бермайдиган мактаб муаммолари ҳал этилгани, Бухорода 18 сентябрь куни яна 10 та мактаб анъанавий дарсларни бошлагани хабар қилинган эди.

Янгиликлар