Фарғонада видеокузатув орқали 1200 дан ортиқ ниқобсиз фуқаро аниқланди

Фарғона вилоятида тиббий ниқобда юриш тартибига амал қилмаган 1208 нафар фуқаро аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилоятида 18 октябрь куни видеофотофиксация воситалари орқали ниқобли тартибга амал қилмаган 1208 нафар фуқаролар аниқланган. 2020 йил 17 октябрь кунидан Ўзбекистонда биринчи бўлиб Фарғонада жамоат жойларида карантин қоидаларига амал қилмай ниқобсиз ҳаракатланган фуқароларни видеофотофиксация воситалари орқали аниқлаш амалиётини йўлга қўйилган.

Фарғонадаги видеофотофиксация воситаларидан фойдаланиш натижасида 18 октябрь куни ниқобли тартибга амал қилмаган 1208 нафар шахсларнинг фото-видео суратлари олиниб тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Қайд этилишича, фотосуратга олинган ниқобсиз фуқароларнинг шахси махсус базадан аниқланиб, Ички ишлар органлари ва Давлат санитария эпидемиология назорати маркази ходимлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилади. Ушбу баённома фуқароларнинг уйига почта орқали юборилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонада 17 октябрдан ниқобсиз юрганлар видеокузатув орқали аниқланиб, жаримага тортилганди. Шунингдек, Фарғонада видеофотофиксация орқали ниқобсиз юрган 156 нафар фуқаро жаримага тортилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар