Фарғонада 17 октябрдан ниқобсиз юрганлар видеокузатув орқали аниқланиб, жаримага тортилади

Фарғона вилоятида 17 октябрдан бошлаб ниқобсиз юрган фуқаролар видеофотофиксация орқали аниқланиб, жаримага тортилади. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати хабар қилди.

Хабарга кўра, республикада биринчи марта жамоат жойларида карантин қоидаларига амал қилмай, ниқобсиз ҳаракатланган фуқароларни видеофотофикцация воситалари орқали аниқлаш амалиёти йўлга қўйилмоқда. Фотосуратга олинган ниқобсиз фуқаронинг шахси махсус база орқали аниқланиб, Ички ишлар органлари ва давлат санитария эпидемиология назорати маркази ходимлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилади. Ушбу баённома эса фуқаронинг яшаш хонадонига почта орқали юборилади.

Маълумот учун, 25 мартдан бошлаб Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон, вилоятлар марказларида жамоат жойларида ниқобсиз юрган фуқароларга — базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баробари миқдорида (223 000 сўм), мазкур ҳолат яна қайтариладиган бўлса — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баробари (669 000 сўм) миқдорида жарима қўлланилиши белгиланган.

Aввалроқ Қўрғонтепада 100 дан ортиқ тиббий ниқобсиз юрган фуқаро жаримага тортилгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда ўтказилган рейдларда 6 кун давомида қанча қоидабузарлик аниқлангани ҳамда Самарқанд шаҳрида ўтказилган рейдда бир кунда 32 дона пичоқни бемақсад олиб юриш ҳолати қайд этилгани маълум қилинганди.

Янгиликлар