Коронавирус «daily» — пандемия бўйича 19 октябрнинг асосий хабарлари

«Worldometers» берган маълумотларга кўра, дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 40,5 миллиондан ошди.

«Worldometers»нинг 19 октябрь, душанба куни Тошкент вақти билан соат 22:30 даги маълумотларига кўра:

  • дунё бўйича инфекция билан касалланганлар 40 507 160 киши;
  • касалликдан тузалганлар 30 240 062 киши;
  • инфекция оқибатида вафот этганлар 1 121 073 кишини ташкил этади.

Шунингдек, сўнгги сутка давомида дунё бўйлаб 222 170 та касалланиш ҳамда 2765 та ўлим ҳолати қайд этилган. Бундан ташқари, 19 октябрь куни Британиялик олимлар коронавируснинг яна бир белгисини аниқлагани ҳақида ҳақида хабар берилди.

Ўзбекистондаги вазият

Ўзбекистонда 19 октябрь соат 23:00 ҳолатига кўра коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 63 607 тани ташкил этмоқда.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Мамлакатда 19 октябрь куни 308 ҳолатда касаллик қайд этилган бўлиб, барчаси тана ҳарорати кўтарилганлиги боис профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.

Кунлик касалланиш ҳолатларининг 135 таси Тошкент шаҳрида, 73 таси Тошкент вилоятида, 16 таси Самарқанд вилоятида, 15 таси Бухоро вилоятида, 13 таси Андижон вилоятида, 12 таси Наманган вилоятида, 10 таси Жиззах вилоятида, 9 таси Сирдарё вилоятида, 8 таси Қорақалпоғистонда, 7 таси Хоразм вилоятида ҳамда 6 таси Навоий вилоятида қайд этилган.

Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 531 нафарга етган. 19 октябрь куни 4 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этган.

Кун давомида Тошкент шаҳрида 121 нафар, Тошкент вилоятида 70 нафар, Фарғона вилоятида 21 нафар, Бухоро вилоятида 18 нафар, Самарқанд вилоятида 17 нафар, Наманган вилоятида 14 нафар, Андижон вилоятида 12 нафар, Жиззах вилоятида 11 нафар, Сирдарё вилоятида 9 нафар, Хоразм вилоятида 9 нафар, Қорақалпоғистонда 8 нафар, Навоий вилоятида 6 нафар, жами 316 нафар бемор соғайган.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 63 607 нафар бемордан 60 717 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда. Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2359 нафар бемордан 313 нафари оғир, 95 нафари эса ўта оғир аҳволда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 18 октябрь куни 308 кишида коронавирус аниқлангани ва 3 нафар бемор вафот этгани ҳақида хабар берилган эди.

Жаҳондаги вазият

АҚШда COVID-19 пандемияси даврида умумий ҳисобда 8 399 704 кишида вирус қайд этилган. Мамлакат бу кўрсаткич бўйича дунёда ҳали ҳам биринчи ўринда. Ундан кейинги ўринларда Ҳиндистон (7,5 миллион киши), Бразилия (5,2 миллион киши), Россия (1,4 миллион киши), Испания (1 миллион киши) бормоқда. Дунё бўйича эса коронавирус билан 40 миллиондан ортиқ киши касалланган.

Қозоғистонда 19 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 109 508 нафарни ташкил қилмоқда. Қозоғистон бу кўрсаткич бўйича Марказий Осиёда биринчи бўлиб турибди. Беморларнинг 105 001 нафари тўлиқ соғайган, 1768 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 102 та янги касалланиш ҳолати аниқланган.

Фото: «Kazakh TV»

Шунингдек, мамлакатда пневмония касаллиги қайд этилган беморлар сони 35 965 нафарга етган. Ушбу касалликка чалинган беморларнинг 28 223 нафари тузалган, 382 нафари вафот этган.

Қирғизистонда 19 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, 52 526 кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Беморларнинг 45 863 нафари соғайиб, 1111 киши ҳаётдан кўз юмган. Ҳозирда мамлакатда 5552 киши коронавирусдан даволанмоқда. Сўнгги сутка давомида ушбу касалликка чалинган 127 бемор соғайган.

Фото: «Kloop»

Тожикистонда 19 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра, коронавирус билан касалланганлар сони 10 553 тани ташкил қилмоқда. Беморларнинг 9563 нафари коронавирусдан тўлиқ соғайган бўлса, 80 нафари вафот этган. Маълумотларга кўра, ўтган сутка давомида мамлакатда коронавирусга чалинганлар сони 80 тага кўпайган.

Фото: «Asia-Plus»

Туркманистон Марказий Осиёда коронавирус расман қайд этилмаган ягона давлат бўлиб турибди. Айни пайтга қадар мамлакатда бирорта ҳолатда коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.

Россияда 19 октябрь Тошкент вақти билан соат 22:30 ҳолатига кўра коронавирус билан касалланганлар сони 1 415 316 нафарни ташкил қилмоқда. Россия бу кўрсаткич бўйича дунёда АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилиядан сўнг тўртинчи ўринда бормоқда. Беморларнинг 1 075 904 нафари соғайган, 24 366 нафари вафот этган. Шунингдек, ўтган бир сутка давомида 15 982 та янги касалланиш ҳолати аниқланган ҳамда 179 та ўлим ҳолати қайд этилган.

Фото: «The Mosow Times»

Аввалроқ дунё бўйича коронавирус билан касалланганлар сони 40 миллиондан ошгани ҳақида хабар берилган эди.