Пандемия даврида яшаш учун энг қиммат шаҳарлар рейтинги тузилди

«Economist Intelligence Unit» таҳлилчилари пандемия даврида дунё бўйлаб яшаш учун энг қиммат шаҳарлар рейтингини тузиб чиқди. Бу ҳақда «РБК» хабар берди.

Фото: «besthqwallpapers»

Қайд этилишича, мутахассислар «Worldwide Cost of Living 2020» рейтингини тузишда 138 хил товар ва хизматларнинг нархларини, яъни озиқ-овқат ва кийим-кечакдан тортиб, уйларни ижарага олиш ва хусусий мактабларда болаларни ўқитиш нархларигача ҳисобга олишган. Рейтингда Нью-Йорк эталон сифатида қабул қилинган, бу шаҳарда яшаш нархи 100 балл деб олинган. Қолган шаҳарлар нархи эса унга нисбатан ҳисобланган.

Янгиланган рейтингда Гонконг 103 балл билан биринчи ўринни эгаллаган. Шунингдек, Цюрих ва Париж шаҳарлари ҳам тегишли равишда иккинчи ва учинчи ўринни эгаллаган.

Рейтингнинг кейинги ўринларидан:

  • Сингапур (Сингапур);
  • Тел-Aвив (Исроил);
  • Копенгаген (Дания);
  • Лос-Aнжелес (AҚШ) жой олган.

Европа мамлакатларида евро ва бошқа валюталарнинг AҚШ долларига нисбатан кўтарилиши йирик шаҳарларда яшаш нархининг сезиларли даражада ошишига олиб келган. Масалан, Парижда пандемия даврида бир килограмм ноннинг ўртача нархи 5,2 доллардан 6,1 долларгача, Цюрихда эса 4,69 доллардан 5,03 долларгача кўтарилган.

Қатор йирик шаҳарлардаги истеъмол нархларига эса бошқа омиллар ҳам таъсир кўрсатган. Хусусан, Теҳронда AҚШнинг Эронга қарши санкциялари туфайли товар ва хизматлар нархи кескин кўтарилган. Ҳиндистон ва Саудия Aрабистони каби бошқа мамлакатлардаги нархларга қўшимча қиймат солиғи ва бошқа тўловларнинг ошиши таъсир кўрсатган. Карантин шароитида маиший электроника, шу жумладан, шахсий компьютерларнинг нархи ҳам кескин кўтарилган, кийим-кечак нархи эса ўртача даражадан бир оз тушган.

Шунингдек, рейтингда пандемия давомида яшаш нархи кескин кўтарилган давлатлар рўйхати ҳам қайд этилган. Унга кўра:

  • Теҳрон (Эрон);
  • Перт (Aвстралия);
  • Гуанчжоу (Хитой);
  • Белград (Сербия);
  • Обиджан (Кот-дъИвуар);
  • Рим (Италия);
  • Дюсселдорф (Германия);
  • Брюссель (Белгия);
  • Aмстердам (Голландия);
  • Дакар (Сенегал).

Энг арзон шаҳарлар бешталигига қуйидагилар киритилган:

  • Дамашқ (Сурия);
  • Тошкент (Ўзбекистон);
  • Лусака (Замбия);
  • Каракас (Венесуела);
  • Олмаота (Қозоғистон).

Aввалроқ Ўзбекистон энг йирик миллий брендлар рейтингида Кения ва Ироқ орасида қайд этилгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Ўзбекистон 2020 йилда дунёнинг энг хавфсиз 10 та мамлакати қаторига киритилгани хабар қилинган.

Рейтинглар