Бош вазир ўринбосари Тангемнинг қачон Ўзбекистонга келиши ҳақидаги саволга жавоб берди

Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбари Азиз Абдуҳакимов актриса Ли Ён Энинг Тошкентга келиши ҳақидаги саволга жавоб берди. Бу ҳақда «Daryo» нашри хабар берди.

Фото: Instagram/@leeyoungae_official

«Актрисанинг ҳам карьераси ва шахсий ҳаёти бор, мамлакатимизга қачон келиши унинг графигига боғлиқ. Лекин у доимо республикамизга келишни истайди, бу фикрларни онлайн мулоқотларимизда ҳам таъкидлайди.

Биз Ўзбекистоннинг чет эл давлатларидаги туризм элчиларига йилда камида бир марта Тошкентга реклама мақсадида келишига шароит яратиб берамиз. Улар ташрифларидан сўнг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига саёҳати давомидаги суратлар ва роликларни жойлашади, оммавий ахборот воситалари орқали турли промо-акциялар уюштиришади», – дейди Азиз Абдуҳакимов.

Маълум бўлишича, актрисанинг келиши пандемиядан олдин режалаштирилган. Бироқ икки давлатда ҳам қатъий карантин қоидалари кучга киргач, унинг Ўзбекистонга келиши қолдирилган. Карантин чоралари қўлланса ҳам Ўзбекистоннинг Кореядаги туристик бренд элчиси ҳисобланган Ли Ён Э Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишлаб, элчилик фаолиятини давом эттирмоқда.

Аввалроқ  Тангем ролини ижро этган Ли Ён Э 2020 йилнинг июнь ойида ўзбек халқига видеомурожаат йўллагани хабар қилинган эди. У ўз мурожаати давомида тезроқ Ўзбекистонга келиб, мухлислари билан учрашишни интиқиб кутаётганини билдирган.

Янгиликлар