Эронлик «Зомби Анжелина Жоли» қамоқдан озод этилди

Instagram юлдузи Эронлик «Зомби Анжелина Жоли» бир неча кун аввал ўн йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди. 19 декабрь куни блогер қиз гаров эвазига қамоқдан озод этилди.

Фото: «Indiatoday»

«Саҳарнинг озод этилиши оммавий ахборот воситалари босими остида бўлгани айтилмоқда. Оиласи қиз учун гаров тўлаган. Аввалига ҳуқуқни ҳимоя қилувчи органлар бу каби айблов билан қамалган қизни озод этишдан бош тортган, аммо худди шундай шартларда қамалганлар гаров остида озод қилингани ОАВ ходимларида таажжуб уйғотган. Энди Саҳар Табар яқинлари бағрига – Теҳронга қайтди», — дейилади хабарда.

Саҳарнинг асл ва фотошопдаги юзи

Маълумот учун, 2019 йилнинг октябрь ойида Саҳар Табар «маданий жиноятлар, ижтимоий ва ахлоқий коррупция» ва куфрда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

Саҳар, шунингдек, Жолига ўхшаб қолиш учун 50 та пластик операцияни бошдан кечиргани ҳақида миш-мишлар тарқалган. Саҳарнинг ўзи эса Анжелинанинг ашаддий мухлисларидан бири эканини ва унга ўхшаб қолиш учун «ҳамма нарсага тайёр»лигини айтган. Insta’блогер, шунингдек, ўзининг ташқи қиёфасини «санъат» деб билишини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, бу «ўзини намоён қилиш» усули ҳисобланади.

Саҳар Табара ва Анжелина Жоли

Ушбу воқеадан сўнг журналист Масиҳ Алинежад актриса Анжелина Жолидан унга тақлид қилган эронлик қизга ёрдам беришини сўраб, видеомурожаат йўллаган.

Янгиликлар