Россия Ўзбекистондан помидор ва қалампир олиб киришга қўйилган тақиқни қисман бекор қилди

Россия Ўзбекистондан помидор ва қалампир олиб киришга қўйилган тақиқни қисман бекор қилди. Бу ҳақда «Ўздавкарантин» инспекцияси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълумотларга кўра, «Россельхознадзор» 2020 йилнинг 18 декабридан бошлаб Фарғона вилоятида жойлашган 7 та корхонадан помидор ва қалампир маҳсулотларида 2020 йилда ЕОИИ давлатлари учун карантин объектлар ва помидор жигарранг бужмайиши вируси аниқланмаганлиги сабабли ушбу корхоналардан Россия ҳудудига мазкур маҳсулотларни олиб киришга рухсат берган.

«Россельхознадзор» сайтида эълон қилинган маълумотда таъкидланишича, мазкур қарор Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси томонидан Фарғона вилоятида ҳудудларни ўрганиш натижалари ва иссиқхоналар ҳолатини таҳлил қилиш тўғрисида тақдим этилган маълумотлар асосида қабул қилинган. Дастлабки босқичда помидор маҳсулотини «Golden Tree» МЧЖ (Қўштепа тумани), «Фарҳод Ранчо» ФХ (Қувасой шаҳри), «Фарғона Зиё қурувчи» МЧЖ (Қувасой шаҳри) ҳамда қалампир маҳсулотини «Новая волна» ФХ (Олтиариқ тумани), «Жилокор Замини» МЧЖ (Данғара тумани), «Саодатли Дил Фаровон» МЧЖ (Данғара тумани), «Юлдашев Элдор» МЧЖ (Бешариқ тумани) корхоналаридан олиб киришга рухсат этилган.

Шу билан бирга, «Ўздавкарантин» инспекцияси «Россельхознадзор» билан вақтинчалик чекловларни бекор қилиш юзасидан мувофиқлаштирилган қўшма тадбирлар давом этаётганини маълум қилган.

Аввалроқ Россия ветеренария ва фитосанитария назорати федерал хизмати 26 ноябрдан бошлаб Фарғона вилоятидан олиб келинадиган помидор ва қалампир маҳсулотларига тақиқ қўйгани ҳақида хабар берилганди. Шунидан сўнг Россия Ўзбекистондан помидор ва қалампир олиб киришга тақиқ қўйгани тўғрисидаги хабарга расмий изоҳ берилган.

Янгиликлар