Фарғонада алимент тўламай, суддан қочиб юрган ота 7 ойдан сўнг қўлга олинди

Фарғона вилояти Риштон туманида икки нафар фарзандига алимент тўламай келган отаучун суд жараёнидан қочиб кетган ва орадан 7 ой ўтиб, ушланди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, Мажбурий ижро бюроси Учкўприк туман бўлими иш юритувида фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро судининг 2019 йил 13 сентябрдаги суд буйруғига кўра, қарздор Ш.Э. дан ундирувчи М.Э. фойдасига бир нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент ундириш белгиланган.

Таъкидланишича, суд буйруғида қарздорнинг манзили сифатида кўрсатилган Сариққўрғон қишлоғидан Ш.Э.ни топиш имкони бўлмаган, аслида суд жараёнида қатнашган қарздор ота рўйхатдан ўтмасдан яшаётган манзили ҳақида маълум қилмасдан атайин рўйхатдан ўтган, лекин яшамаётган манзилини ёздирган.

Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича Риштон туманлараро суди 2019 йил 23 декабрда фуқаро Ш.Э. нинг иккинчи фарзанди учун ҳам суд буйруғи чиқариб, бюронинг Учкўприк туман бўлимига юборган. Аниқланишича, ҳар иккала суд буйруқлари бир иш юритувига бирлаштирилиб, қарздорнинг телефон рақами орқали бир неча маротаба огоҳлантирилган. Суҳбатлар жараёнида у рўйхатдан ўтмасдан яшаб келаётган яшаш манзили ҳақида айтмаган. Икки нафар фарзандининг моддий таъминоти учун алимент тўлашдан бўйин товлаб келган.

Шунингдек, 2020 йилнинг май ойида қарздор Ш.Э. Бюронинг туман бўлими қидирув бўлими инспекторлари томонидан ушланиб, унга нисбатан Маъмурий жиноятлар тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси 4- банди билан расмийлаштирилган ҳужжатлар туман маъмурий судига тақдим этилган. Лекин суд процесси бошланмасдан қарздор ота суд биносидан қочиб кетган.

Мавзуга доир: Наманганда алимент тўламаслик учун хотинини бўғиб ўлдирган эрга суд ҳукми ўқилди

Қарздорга нисбатан эълон қилинган қидирув бўйича ички ишлар бўлими қарийб 7 ойдан сўнг — 2020 йилнинг 2 декабрь куни Ш.Э. нинг янги яшаб келаётган манзилида қўлга тушган. Шу куннинг ўзида маъмурий суд ишни кўриб чиқиб, 1 декабрь ҳолатига кўра 17 миллион 472 минг сўм алимент қарзини тўлашни таклиф қилган, ота алимент қарзини тўлашни рад этгач, унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси таийнланган.

Аввалроқ Aсакада алимент тўламаган ота 15 сутка «ўтириб чиққан»идан кейин ҳам қарзини узмагани ва Каттақўрғонда алимент тўламай келган отадан 60 миллион сўм ундирилгани хабар қилинганди.

Янгиликлар