Наманганда алимент тўламаслик учун хотинини бўғиб ўлдирган эрга суд ҳукми ўқилди

Наманган вилояти Чортоқ туманида 23 миллион сўм миқдордаги алиментни тўламаслик мақсадида хотинини бўғиб ўлдирган эрга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, воқеа 4 март куни Чортоқ тумани Короскон шаҳарчасида содир бўлган. О.A. хотини M.M.гa у билан турмуш қуриб хато қилгани, бирга яшашни хоҳламаслигини айтганда аёл унга қаршилик кўрсатган. Унинг гапларидан ғазабланган О.A. хотинининг телефонини олиб текшириш баҳонасида унинг бўйнидан ушлаб, бўға бошлайди. Орадан бир неча дақиқа ўтиб, М.М. ерга йиқилади ва воқеа жойида ҳалок бўлади.

Шундан сўнг О.A. Уйчи туман Ички ишлар бошқармасига бориб, турмуш ўртоғини ўлдирганини айтади. Улар Чортоқ туман ИИБга бу ҳақда хабар бергач, ички ишлар ходимлари келиб, уни олиб кетади.

Суриштирув ва тергов ишлари натижасида О.A.га Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «и» банди билан жиноят иши қўзғатилади. Жиноят ишлари бўйича Наманган вилоят суди томонидан ушбу жиноят иши атрофлича кўриб чиқилиб, O.A.гa 17 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Мавзуга доир: Самарқандда хотинининг бегона эркак билан ишқий муносабатда бўлганини кўрган эр уларни пичоқлаб ўлдирди

Аввалроқ Учқўрғонда бошқасига унаштирилган собиқ севгилисини 5 марта пичоқ санчиб ўлдирган йигит ушлангани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Норинда фуқаро жияни билан ишқий муносабатда бўлган йигитни бир мушт билан ўлдиргани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар