Сурхондарёда газ қуйиш шохобчаси портлади: жабрланганлар бор

Сурхондарё вилоятининг Денов туманидаги газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлди, деб хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳодиса ҳақида хабар 7 апрель куни соат 08:24 да ФВБга келиб тушган. Унга кўра Денов тумани, «Оқтом» МФЙда жойлашган автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шахобчаси ҳудудида «КАМАЗ» русумли суюлтирилган (пропан) газ ташувчи махсус автомобилдан сиғимга газини қуйиш вақтида сиғимда чақнаш содир бўлиб, натижада ёнғин келиб чиққан.

Ҳодиса жойига 5 та қутқарув бўлинмалари соат 08:39 да етиб бориб, ёнғин соат 08:42 да ўраб олинган. Ёнғин соат 10:10 да ўчирилган.

Ҳодиса оқибатида 2 нафар фуқаро, шундан бир нафари 10 фоиз, яна бир нафари 3-4 фоиз енгил куйиш тан жароҳати олган. Уларни соғлигига хавф йўқ, ҳозирда аҳволи яхши. Ҳалок бўлганлар йўқ, — дейилади хабарда.

Дастлабки маълумотга кўра, сиғимнинг ёрилиши сабаби махсус автомобилдан пропан газини бўшатиш вақтида технологик жараённинг бузилиши деб тахмин қилинмоқда.

Ўзбекистон