Сенаторлар шаҳарсозлик реновацияси тўғрисидаги қонунни қабул қилдилар
Олий Мажлис Сенати «Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги қонунни маъқуллади, деб хабар қилди парламент юқори палатаси матбуот хизмати.

Маълум қилинишича, қонуннинг асосий мақсади аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, сейсмик жиҳатдан хавфли ва жисмонан эскирган биноларни босқичма-босқич янгилаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш ҳамда шаҳар муҳитини замонавий талаблар асосида шакллантиришдан иборат.
Хусусан, шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш жараёнлари очиқ ва шаффоф бўлиши, реновация дастури жамоатчилик учун очиқ бўлган «Шаҳарсозлик реновацияси» электрон платформасига жойлаштирилиши ва оммавий ахборот воситалари ҳамда ваколатли органларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиб борилиши алоҳида белгиланмоқда.
Шу билан бирга, компенсациянинг тўрт хил шакли назарда тутилмоқда. Жумладан, компенсация шаҳарсозлик реновацияси ҳудудидаги янги ёки бошқа жойдаги турар ва нотурар тоифадаги объектни мулк қилиб бериш, пул маблағлари ёхуд келишув битимида назарда тутилган бошқа шакллар орқали амалга оширилади. Компенсация шакли мулкдор ва Шаҳарсозлик реновациясини амалга ошириш дирекцияси ўртасидаги келишувга мувофиқ ихтиёрий равишда танланади.
Шунингдек, мулкдорларга етказилган ноқулайликлар учун компенсация миқдорининг 12% миқдорида бир марталик пул маблағлари берилиши белгиланмоқда.
Энг муҳими, тенглик ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг устуворлиги шаҳарсозлик реновациясининг асосий тамойилларидан бири этиб белгиланмоқда. Бундан ташқари, кўчириш ёки вақтинча ижарага чиқиш зарурати юзага келганда фуқаролар тайёр ҳудудга, ногиронлиги бўлган шахслар эса қулай муҳитга эга турар жойларга кўчирилиши назарда тутилмоқда, — дейилади хабарда.
Қонунда мулкдорлар ҳуқуқларининг устуворлиги тамойили белгиланиб, давлат органлари билан ўзаро муносабатларда юзага келадиган барча зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдор фойдасига талқин этилиши кафолатлари мустаҳкамланмоқда.
Сенат аъзолари ўз чиқишларида эскирган уй-жой фондини янгилаш ва аҳолига замонавий инфратузилма яратишга қаратилган мазкур Қонун шаҳарларнинг барқарор ва режали ривожланишини таъминлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.





