Шавкат Мирзиёев солиқ фаолиятини ислоҳ қилишга доир тақдимот билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш ва солиқ органлари фаолиятини ислоҳ қилишга доир тақдимот билан танишди.

Қайд этилишича, сўнгги икки йилда солиқ базаси кенгайгани ҳисобига бюджетга тушумлар ҳажми иқтисодиёт суръатларига нисбатан тезроқ ўсмоқда.

Халқаро валюта жамғармаси ҳам мазкур натижаларга солиқ маъмурчилигини кучайтириш ва яширин иқтисодиётни қисқартириш орқали эришилаётганини эътироф этилди.

Шу билан бирга, тизимни изчил ислоҳ қилиш орқали 2030 йилга бориб, солиқ тушумларини 491,5 триллион сўмга етказиш, иқтисодиётда кузатилмайдиган улушни эса 28 фоиздан 19,6 фоизгача қисқартириш мақсад қилинган.

Йиғилишда солиқ тушумларини оширишдаги энг катта захира яширин иқтисодиётни қисқартириш экани таъкидланди.

Президент рақамли таҳлил ва сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиб, «ақлли» назорат тизимини жорий этиш орқали жорий йилда бюджетга қўшимча 30 трлн сўм тушумни таъминлаш зарурлигини кўрсатиб ўтди.

Бундан ташқари, бозорлар ва савдо мажмуаларида назорат тўлиқ йўлга қўйилмагани, рақамлаштириш ишлари етарли эмаслиги оқибатида ушбу йўналишдаги имкониятлар тўлиқ ишга солинмаётгани қайд этилди.

Бугунги кунда бу ерларда 72 мингдан ортиқ чакана савдо субъекти фаолият юритмоқда. Бироқ уларнинг 38 мингдан ортиғи товар айланмасини ойига 1 млн сўмдан кам кўрсатган, 40 мингдан зиёди эса кунига атиги 2-3 та чек бермоқда.

Шунингдек, бозорлардаги 12 мингта савдо нуқтаси бўйича ижара шартномалари ҳисобга қўйилмаган. Натижада 37 минг тадбиркор ойига 500 минг сўмдан кам солиқ тўлаган.

Шу боис, бозорлар ва савдо мажмуаларини тўлиқ рақамлаштириш ҳисобига қўшимча тушум манбаларини ишга солиш, назорат, солиқ хизмати ва рақамли кузатувни ўзаро интеграция қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Тадбиркорлар учун солиқ маъмурчилигини соддалаштириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўтказилган сўров натижаларига кўра, тадбиркорларнинг аксарияти текширувлар, ҳисобот топшириш ва солиқ тўлаш жараёнларининг мураккаблигидан норози экани айтилди.

Шу муносабат билан «автокамерал» назоратни жазолаш воситасидан хатони барвақт аниқлаб, тузатишга хизмат қиладиган профилактика тизимига айлантириш, корхоналарни хавф даражасига қараб, «яшил», «сариқ» ва «қизил» тоифаларга ажратиб ишлаш зарурлиги таъкидланди.

Солиқ тизими фаолиятини «текширувдан – сервисга» тамойили асосида трансформация қилиш, хизмат кўрсатиш сифатини янада ошириш ва назоратнинг замонавий, самарали механизмларини йўлга қўйиш устувор вазифа сифатида белгиланди.

Ўзбекистон