Ташкилотчиларнинг хатоси сабабли Маккада 170 нафардан ортиқ Ўзбекистон фуқароси ватанга қайта олмаяпти

Бош консулхона дипломатлари айрим жисмоний шахслар орқали умра зиёратига келиб, қийин аҳволга тушиб қолган Ўзбекистон фуқароларининг муаммоларини ўрганиш учун Макка шаҳрида жойлашган «Kanari» ва «Al-Ayam Elite» меҳмонхоналарига ташриф буюрди, деб хабар қилмоқда Дунё агентлиги.

Дипломатларнинг маълум қилишича, айни пайтда ушбу меҳмонхоналарда жами 170 нафардан ортиқ зиёратчи Ватанга қайтишни кутиб турибди.

Зиёратчиларнинг айтишича, улар 14 кунлик умра сафари доирасида турли гуруҳлар таркибида Саудия Арабистонига келган. Бироқ, сафарни ташкил этган шахсларнинг ёлғон маълумотлари ва хатолари оқибатида улар ҳозирга қадар Ватанга қайта олмаган.

Зиёратчилар ўзларининг оғир аҳволи ҳақида сўзлаб, гуруҳнинг катта қисми кекса ёшдаги инсонлардан иборат эканини таъкидлади. Улар орасида инфарктни бошидан ўтказган, қандли диабет, қон босими каби сурункали касалликларга чалинган ва доимий равишда дори-дармон истеъмол қиладиган шахслар борлиги ҳам қайд этилди. Зиёратчилар Ватанга қайтиш масаласида Ўзбекистон ҳукуматидан амалий ёрдам сўради, — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда умра зиёратини ташкил этиш учун тегишли рухсатномага эга бўлмаган айрим «туристик фирмалар» ва »жисмоний шахслар» томонидан тартибсиз сафарлар ташкил этилмоқда. Бундай ҳолатлар кўплаб ватандошларнинг Мадина ва Жидда шаҳарларида ҳам турли мушкул вазиятларга тушиб қолишига сабаб бўлаётгани билдирилди.

Зиёратчиларга улар рухсатномасиз ташкил этилган сафар доирасида келган бўлса-да, Ватанга қайтиш бўйича мурожаатлари Бош консулхона томонидан белгиланган тартибда тегишли идораларга етказилиши маълум қилинди.

Ўзбекистон