Ўзбекистонда ҳарбийлар ўртасидаги китобхонлик танлови ғолибларига электромобиль берилади

Ўзбекистон президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни мамлакатимиз мудофаа қобилиятини мустаҳкамлаш ва ҳарбий хизматчиларни қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.

Эндиликда муддатли ҳарбий хизматчилар учун ҳарбий хизмат даврида олийгоҳларга ўқишга кириб, масофавий таълим олиш имконияти яратилмоқда. Бу жараёнда аскарлар учун таълим ташкилотлари билан ҳамкорликда ҳарбий қисмларда абитуриентларни тайёрлаш курслари ташкил этилиб, олийгоҳларнинг кириш имтиҳонларига тайёрлаш тизими йўлга қўйилади.

Шартнома асосида ўқишга қабул қилинган аскарларга эса фоизсиз имтиёзли кредитлар ажратилади. Шунингдек, олий таълим муассасаларига қабул қилинган аскарлар ҳарбий факультетлар талабаларига тенглаштирилиб, ўқишни тамомлагандан сўнг уларга захирадаги лейтенант ҳарбий унвони берилади.

Шу билан бирга, намунали хизмат ўтаган, республика ва халқаро спорт мусобақалари ҳамда фан олимпиадаларида биринчи ўринни эгаллаган аскарларни тест синовларисиз ўқишга қабул қилиш тартиби белгиланмоқда.

Йиғилишда ҳарбий хизматчиларни китобхонликка қизиқишини янада ошириш, бу борада уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар ҳам кўриб чиқилди.

Хусусан, жорий йилдан бошлаб, ҳар йили Қуролли Кучларнинг барча тоифадаги ҳарбий хизматчилари ўртасида тўрт босқичли «Маънавият қалқони» республика китобхонлик танлови ўтказилади.

Танловнинг биринчи босқичи ҳарбий қисм ва ҳарбий таълим муассасаларида, иккинчи босқичи ҳарбий округ, бирлашма ва қўшилмаларда, учинчи босқичи Қуролли Кучлар таркибидаги вазирлик ва идораларда ўтказилади. Якуний республика босқичида саралаш босқичларининг ғолиби бўлган ҳарбий хизматчилар ўзаро беллашади.

Якуний босқичнинг 4 нафар ғолиби Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондонининг бош соврини – замонавий электромобиль ҳамда диплом билан тақдирланади. Совринли ўринларни эгаллаган ҳарбий хизматчилар пул мукофотлари ва дипломлар билан рағбатлантирилади, — дейилади хабарда.

Давлат раҳбари таклифларни маъқуллаб, тегишли қарорларни имзолади. Янги чора-тадбирлар мамлакат тараққиёти учун юқори билим, малака ва интеллектуал салоҳиятли ҳамда ватанпарвар кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қилиши лозимлигини таъкидлади.

Ўзбекистон