Тошкентда минорали кран қулади: 1 киши ҳалок бўлди, 2 нафари касалхонада
Тошкент шаҳар Чилонзор туманида минорали кран қулаши натижасида бир ишчи ҳалок бўлди. Бу ҳақда Саноат, радиация ва ядровий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Ходиса 8-сентябрь соат таҳминан 16-10 ларда Тирсакобод кўчасида янги қурилаётган «Дўмбиробод Сити» ҳудудида юз берган.
Дастлабки ўрганишларга кўра, монтаж ташкилоти юк кўтариш кранида монтаж ишларини олиб бораётган вақтда, техник талабларга риоя этмаслик оқибатида, краннинг таянч оёқларини асосга ўрнатиб ушлаб турувчи қисми мустаҳкам қотирилмаганлги сабабли краннинг кейинги қисмини қўйиш учун ҳаракатланиш даврида, кран бир томонга оғиб кетади, натижада краннинг асосга қотирилмаган 2 та оёғи кўтарилиб кетиши оқибатида кран ерга қулайди.
Ҳолат юзасидан шахар ИИББ бошқармаси ҳам расмий изоҳ бериб, тергов ишлари бошланганини маълум қилди.
Натижада ўрнатиш ишларини олиб бораётган ёлланма ишчи 2000 йилда туғилган Л.А. олган тан жароҳатлари туфайли воқеа жойида вафот этган. Шунингдек, ёлланма ишчилар 2004 йилда туғилган И.Қ. ҳамда 2000 йилда туғилган М.А. турли жароҳатлар билан шифохонага ётқизилган, — дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а» ва «б» бандлари (Меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, одам ўлишига, бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.