Ўзбекистонда шахснинг розилигисиз суратга олиш тақиқланиши мумкин
Ўзбекистонда шахсни тасвирга олиш ва ундан фойдаланишдан олдин, розилик олиниши талаб қилиниши мумкин. Тегишли қонун лойиҳаси Қонунчилик палатасидаги «Миллий тикланиш» партияси фракцияси йиғилишида муҳокама қилинди.
Йиғилишда, «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига шахсларнинг тасвирга бўлган ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.
Жумладан, янги таҳрирдаги Конституцияда шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар, жумладан, шахсий дахлсизлик ҳуқуқи мустаҳкамлаб қўйилгани билдирилди.
Шунингдек, айрим ҳолатларда тасвирдан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатларда шахсий дахлсизлик ҳуқуқи уни амалга ошириш механизмлари билан таъминланмагани сабабли чеклангани таъкидланди.
Ушбу қонун лойиҳасида шахсни тасвирга олиш ва ундан фойдаланиш учун розилик олиш мажбурий шартлиги, ушбу муносабатларда вояга етмаган болалар мустақил ҳуқуқ субъекти эканлиги, тасвирга олиш ва ундан рухсатсиз фойдаланиш мумкин бўлган ҳолатлар доираси белгиланмоқда, — дейилади хабарда.
Қонун лойиҳаси юзасидан бир қатор саволлар ўртага ташланди. Муҳокамалардан сўнг, лойиҳа фракция аъзолари томонидан қўллаб-қувватланди.