Энди кадрлар инвестор буюртмаси асосида мақсадли тайёрланади
Эндиликда техникумларда ҳам кадрлар инвесторлар буюртмаси асосида мақсадли ўқитилади. Бу ҳақда Президент раислигида таълим соҳасидаги ислоҳотлар ижроси ва келгусидаги вазифаларга бағишланган йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, жорий йилдан бошлаб олийгоҳларда қабул квоталарини инвестиция лойиҳаларида кадрларга бўлган талабдан келиб чиқиб шакллантириш тизими йўлга қўйилган.
Энди инвестор буюртмаси билан техникумларда ҳам кадрлар мақсадли таерланади. Инвестор сўровига асосан техникумдаги таълим дастурларини 30 фоизгача ўзгартириш мумкин бўлади, — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, техникум билан дуал таълимни йўлга қўйган корхоналарга имтиёзли кредит ажратилади.
Шунингдек, тармоқ уюшмалари ўзларига аъзо иш берувчиларнинг малака талабларини тайёрлаб бера олмаётгани, оқибатда корхона ҳам зарар кўраётгани, техникумлар ҳам нимани ўқитишни билмаётгани бўйича эътироз билдирилди.
Мутасаддиларга йил якунигача янги агентлик билан биргаликда тармоқлардаги корхоналар учун керакли касблар кесимида стандарт ва талабларни ишлаб чиқиш топширилди.