Тадбиркордан ер учун рухсат эвазига $900 минг талаб қилганлар ушланди
Тошкентда тадбиркордан ер майдони учун рухсат олиб бериш эвазига пул талаб қилганлар фош бўлди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Хусусан, ДХХ «Call-маркази»га мурожаат қилган тадбиркор, 2 нафар шахс ўзларининг ҳокимликда юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали Сергели туманида жойлашган МЧЖга тегишли 1 гектар ер майдони тоифасини ўзгартириб, у ерда кўп қаватли уй-жой қуриш учун рухсатнома олиб бериш эвазига 900 минг АҚШ доллари талаб қилганини маълум қилди.
Тошкент шаҳрининг Миробод туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида мазкур шахслар олдиндан 220 минг АҚШ долларини олган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди ва 28, 211-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланди.