Ўзбекистонда никоҳдан ўтишда тиббий кўрик маълумотномаси талаби бекор қилинди
Президент Шавкат Мирзиёев давлат хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ва бу соҳадаги бюрократик тартиб-таомилларни қисқартиришга қаратилган фармонни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Фармонга кўра, 2025 йил 1 декабрдан идоралараро ахборот алмашинувини йўлга қўйиш орқали қуйидагилар бекор қилинади, жумладан:
• никоҳни расмийлаштиришда ФҲДЁ органлари томонидан никоҳланувчи шахслардан тиббий кўрик натижаларини тақдим қилиш талаби;
• никоҳдан суд қарори асосида ажратилганда никоҳдан ажралганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини шакллантириш учун ФҲДЁ органлари томонидан суд қарорининг талаб қилиниши;
• автомототранспорт воситасининг рўйхатдан ўтганлик гувоҳномасида автомототранспорт воситаси мулкдорининг манзилини кўрсатиш талаби.
Фармонни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад — 2028 йилгача ЯИДХП (my.gov.uz) ҳамда давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган хизматлар сонини 900 тага етказишдир, деб таъкидланди.