Ўзбекистонда 2020 йилда қанча одам озодликдан маҳрум қилингани айтилди

Олий суд республика бўйича жиноят ишлари бўйича судларнинг 2020 йил давомидаги фаолияти юзасидан ахборот берди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, 2020 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 38 149 нафар шахсга нисбатан 30 284 та иш кўриб чиқилган. Шундан 781 нафар шахс оқланган ва реабилитация қилинган. Судланган шахслар сони 27 999 нафарни ташкил этиб, шундан:

  • 7110 нафар шахсга озодликдан махрум қилиш жазоси тайинланган
  • 19 838 нафарига бошқа турдаги жазолар тайинланган
  • 1051 нафар шахс шартли ҳукм қилинган.

Судланган шахсларнинг 24 972 нафари эркаклар, 3 027 нафари аёллар, 10 371 нафари ёшлар (шу жумладан 499 нафари вояга етмаганлар) ва 908 нафари 60 ёшдан ошган шахслар бўлган.

Шунингдек, 3 434 нафар шахс озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланиши муносабати билан суд залидан, 21 970 нафари жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилинган. 6 959 нафарига тайинланган жазоси енгили билан алмаштирилган ва 5 958 нафар шахсга нисбатан дастлабки тергов органлари томонидан асоссиз равишда қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди ёки қайта малакаланган.

Бундан ташқари, 222 нафар ёшларга, 37 нафар аёлга ва 1 024 нафар шахсга кафолат хатлари асосида озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.

«2019 йилга нисбатан айрим жиноят турлари, хусусан, босқинчилик, талончилик, ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш, мансаб сохтакорлиги, ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, транспорт воситасини олиб қочиш ҳамда транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш каби жиноятлар учун судланганлик кўрсаткичлари камайди.

Ҳисобот даврида ярашув институтининг самарали қўлланилиши натижасида 8 266 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод этилди», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, етказилган 267,1 миллиард сўмдан зиёд моддий зарарнинг ўрнини қоплаган 2 729 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган. 6681 та жиноят иши, яъни барча ишларнинг қарийб 22,1 фоизи сайёр суд мажлисларида кўриб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ички ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистонда қанча маҳкум борлиги маълум қилинганди. Ички ишлар вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, жазони ижро этиш тизимида 22 мингдан ортиқ, шундан 7 мингдан ортиғи манзил колонияда, 14 мингдан ортиқ маҳкумлар ёпиқ турдаги колонияларда жазо муддатини ўтамоқда.