Ўзбекистонда қанча маҳкум борлиги маълум қилинди

Ички ишлар вазирлиги томонидан Ўзбекистонда қанча маҳкум борлиги маълум қилинди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган фракциялараро амалий мулоқотига бағишланган йиғилишда айтиб ўтилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда республикада 54 та жазони ижро этиш муассасалари мавжуд. Шундан 18 таси ёпиқ турдаги, 25 таси манзил колония ва 11 таси тергов ҳибсхонларидир. Ички ишлар вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, жазони ижро этиш тизимида 22 мингдан ортиқ, шундан 7 мингдан ортиғи манзил колонияда, 14 мингдан ортиқ маҳкумлар ёпиқ турдаги колонияларда жазо муддатини ўтамоқда.

Шунингдек, 2020 йил 1 август ҳолатига кўра, АҚШда ҳар юз минг одамдан 639 нафари, Россияда 340 нафари, Туркияда 335 нафари, Беларусда 343 нафари, Ўзбекистонда 68 нафари жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтамоқда.

Йиғилишда давомида тергов бўлинмаларида видео кузатув воситаларисиз ҳамда эшитиш мосламаларисиз адвокатлар ўзларининг ҳимояси остидаги шахс билан ҳоли учрашишилари учун алоҳида адвокатлар хоналари ташкил этилгани айтилди. Тергов ҳибсхоналаридаги мавжуд терговчилар хоналарига жами 123 дона замон талабларига жавоб берадиган овоз ёзишга мўлжалланган видео кузатув воситалари ўрнатилгани маълум қилинди.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик ислоҳотларни статистик маълумотлар билан изоҳлаш ва мамлакатнинг ҳалқаро рейтинглардаги ўрнини аниқ ифода этилишини таъминлаш мақсадида махфий ҳисобланган айрим маълумотлар очиқ маълумотлар рўйхатига киритилган.

Шу билан бирга, жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни сақлаш шароитларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда қийноқ ва жисмоний тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тизимдаги 54 та жазони ижро этиш муассасалари 3 280 дона замонавий видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган. Шундан, 2 203 таси жазони ижро этиш муассасаси яшаш саҳнига, 432 таси ишлаб чиқариш саҳнига, 645 таси ташқи маъмурий ҳудудга ўрнатилган.

Йиғилиш якунида галдаги вазифа сифатида 25 та манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилиши, биринчи марта озодликдан маҳрум этилган шахсга берилган жазо енгилроғи билан алмаштирилганда тўғридан-тўғри пробация назоратига олиниши ҳамда жазони енгилроғи билан алмаштириш ва шартли озод қилиш тўғрисида тақдимнома киритиш ваколати жазони ижро этиш муассасаларидан янги ташкил этиладиган инсонпарварлик комиссияларига ўтказилиши бўйича белгиланган вазифаларни амалга ошириш юзасидан фикр ва мулоҳазарлар билдирилган.

Аввалроқ Вобкентда 5 нафар маҳбус муддатидан аввал озод қилингани, Самарқанд вилояти судида сўнгги 9 ойда 13 киши оқлангани ҳамда Қоровулбозорда уч нафар маҳбус муддатидан илгари озод этилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар