Ўзбекистонда ҳафта охирида ҳаво кескин совиб кетади

«Ўзгидромет» гидрометеорология хизмати маркази 21–23 январда Ўзбекистон ҳудудига ғарбий Қозоғистон орқали Россия (Москва вилояти) Европа қисмининг марказий ҳудудлари устида шаклланган совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келишини маълум қилди. Бу ҳақда марказ матбуот хизмати хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Қайд этилишича, 21 январда Қорақалпоғистон, Хоразм вилоятида ва кечга томон Бухоро, Навоий вилоятларининг баъзи жойларида ёғингарчилик (ёмғир, қор) ёғади. Шунингдек, 22 январда республика ҳудудлари бўйича ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, тоғ олди ва тоғли ҳудудларда қор, баъзи жойларда кучли қор ёғади. Қорақалпоғистон, Хоразм вилоятида эса ёғингарчилик кутилмайди.

Сноптикларнинг маълум қилишича, 21–22 январда шамол 17–22 метр/секунд гача кучайиши кутилмоқда, баъзи жойларда 25–28 метр/секундгача кучайиши мумкин. Шу билан бирга, 22–23 январда ҳаво ҳарорати кечалари 5–10 даража совуқгача, кундуз кунлари 0–5 даража совуқгача, шимолда кечалари 12–15 даража совуқгача, кундуз кунлари 5–8 даража совуқгача пасаяди.

Хабарга кўра, 22–23 январда ўртача кеча-кундузлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 8–10 даража га паст бўлади. Йўлларда яхмалак бўлиши мумкинлиги ҳам айтилган.