Ўзбекистонга Тожикистондан электр энергияси етказиб бериш йўлга қўйилди

Сурхондарё вилоятида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида қўшни Тожикистондан қўшимча электр энергияси етказиб бериш йўлга қўйилди.

Қайд этилишича, 18 январь куни Шўрчи, Олтинсой, Қумқўрғон, Жарқўрғон туманларининг 70 фоиз, Бандихон, Қизириқ, Шеробод туманларининг 90 фоиз ва Бойсун туманидаги электр энергия истеъмолчилари Сариосиё, Узун, Денов туманлари қатори Тожикистоннинг «Регар-500» подстанциясидан чиқувчи 220 киловаттли Л-Регар-Зарчоп ва Л-Регар-Шеробод электр узатиш тармоқлари орқали кучланиш билан таъминланган.

Термиз, Жарқўрғон туманларининг — 30 фоизи, Музработ, Ангор, Шеробод туманларининг — 10 фоизи ҳамда Термиз шаҳрининг электр энергия истеъмолчилари 196 мегаватт юклама билан Ўзбекистон орқали кучланиш билан таъминланмоқда.

Тожикистоннинг «Регар-500» подстанциясидан чиқувчи 220 киловаттли Л-Регар-Зарчоп ва Л-Регар-Шеробод электр узатиш тармоқларининг ҳар биридаги симнинг юкламани кўтариш қобилияти 250 мегаваттга мўлжалланган. Л-Регар-Зарчоп ва Л-Регар-Шеробод электр узатиш тармоқларининг бирортаси фавқулодда ўчиб қолиш ҳолатлари юз берган вақтда энерготизимни сақлаб қолиш мақсадида Жанубий минтақавий диспетчерлик бошқармаси диспетчерларининг топшириғи ва Сурхондарё ҳудудий диспетчерлик бўлими диспетчерининг фармойиши билан туманларнинг ўзидан тасдиқланган чеклаш графигига асосан 6-10 кВли фидерлардан соатига 70-80 мегаваттдан чеклаш олиб бориш тақазо этилади.

Янгиликлар