Фарғона саноатида 86 та янги турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Бош вазир ўринбосари Сардор Умурзоқов раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ 15-18 август кунлари жойларга чиққан ҳолда саноат корхоналарини инвентаризация қилиш ва Фарғона вилоятининг саноат салоҳиятини юксалтириш бўйича ишлар амалга оширди. Бу ҳақда Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги хабар берди.

Фото: Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги

Маълумотларга кўра, ишчи гуруҳ аъзолари томонидан фаолият юритмаётган, фаолиятини вақтинча тўхтатган ёки тўлиқ қувват билан ишламаётган, маҳаллийлаштириш дастурига киритилган корхоналар ва 2020 йилда ишга туширилиши режалаштирилган лойиҳалар, жами 621 та саноат объектларидан ташкил топган рўйхат шакллантирилди.

Ушбу корхоналарда мавжуд муаммоларни ўрганиш ва ечими бўйича таклифлар ишлаб чиқиш мақсадида туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда саноат бирлашмалари раҳбарлари корхоналарга манзилли тартибда бириктирилди. Ишлаб чиқилган таклифлар асосида саноат объектларини 2020 йил охирига қадар қайта ишга тушириш бўйича тармоқ жадваллари шакллантирилди. Жадвалларда ишлаб чиқариш, экспорт ҳажмларининг ва ҳар бир лойиҳа учун яратиладиган иш ўринлари сонининг прогноз кўрсаткичлари акс эттирилди.

Шунингдек, вазирликлар, идоралар, саноат бирлашмалари, тижорат банклари ва маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда ҳудудий инвестиция дастури қайта кўриб чиқилди ва юқори ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳияти билан тавсифланадиган, шунингдек, кўп сонли иш ўринлари яратилиши билан ажралиб турадиган юқори қўшимча қийматга эга харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш бўйича юқори технологияли саноат корхоналарини ташкил этишга қаратилган лойиҳалар сонини ошириш мақсадида оптималлаштирилди.

Айни пайтда энг катта ҳажмда импорт қилинадиган маҳсулотларни маҳаллийлаштиришга қаратилган тегишли ишлаб чиқаришларни ташкил этиш юзасидан тармоқлар, туман ва шаҳарлар ҳамда алоҳида корхоналар кесимида импорт таркиби таҳлил қилинди. Бу корхоналар ўртасидаги мавжуд кооперация муносабатларни мустаҳкамлашга ва фақат маҳаллий саноат корхоналари асосида қўшимча қийматнинг тўлиқ товар ишлаб чиқариш занжирларини яратишга ёрдам беради. Лойиҳалар ишлаб чиқилганидан ва уларнинг иқтисодий самарадорлигига баҳо берилганидан сўнг маҳаллийлаштириш дастурларига киритилади.

Амалдаги маҳаллийлаштириш дастурига мувофиқ Фарғона вилоятида 86 янги турдаги импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режалаштирилган. Ишчи гуруҳ фаолиятининг натижасида машинасозлик, кимё, фармацевтика ва электротехника каби соҳаларда 42 та янги турдаги маҳсулотни ишлаб чиқишни кўзда тутган қўшимча инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилди.

Шунингдек, Фарғонада ипакчилик, озиқ-овқат, чарм-пойабзал ва тўқимачилик саноати, электротехника ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида 26 та кластер ташкил этилиши режалаштирилди. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши бюджетга йилига 142,1 миллиард сўм миқдорида қўшимча даромадлар келтириш, 67,8 миллион доллар миқдорида қўшимча экспортга етказиб бериш ҳажмларига эришиш ҳамда касаначилик асосида қўшимча 4,7 минг янги иш ўринлари яратиш имконини беради. 1772 та стандарт ва техник регламентларни халқаро талабларга мос келтириш, шунингдек, ташкил этилаётган кластерлар ходимларини ўқитиш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш чоралари кўрилади.

Аввалроқ Наманганда салкам 12,5 миллиард сўмга 22 та лойиҳа амалга оширилиши ҳақида хабар берилган эди.

Янгиликлар